2017 йилда Ўзбекистонда истеъмол тармоғидаги инфляция 14,4% ташкил қилди
Тошкент. 15 январ. ЎзТАГ – 2017 йилда Ўзбекистонда истеъмол тармоғидаги инфляция 14,4% ташкил қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ҳисобот даврида озиқ-овқат товарлари 15,9%га, ноозиқ-овқат товарлари 16,1%га, хизматлар 8,6%га қимматлашди.
Истеъмол нархларининг ўртача ойлик ўсиш суръати 1,1%га ошиб бориши маҳалида, нархларнинг сезиларли даражада ноябрда 2,0%га ва декабр ойда 2,7%га кўтарилиши кузатилиб, минимал ўсиш эса июнда июл ойида (0,3% ва 0,4%) қайд этилди.
2017 йилда содир бўлган инфляция жараёнларининг қуйидаги асосий омилларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Булар девальвация ва миллий валютани эркинлаштириш бўйича олиб борилаётган сиёсат инфляция суръатларининг тезлашишига олиб келиб, товарлар ва хизматлар нархларининг умумий ўсишига таъсир этди.
Хусусан, 2017 йилнинг биринчи ярмида истеъмол нархлари 5,2%га ошиб, йилнинг охирги тўрт ойи давомида эса нархларнинг кўтарилиши 7,6%ни ташкил этди. Бу импорт товарлар нархларининг ошиши, шунингдек, ички бозорга ўз маҳсулотларини етказиб берадиган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар харажатларининг кўпайиши билан боғлиқ.
Бунга ёрқин мисол, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган автомобиллар учун чакана нархларнинг бир йилда ўртача 1,5 баробарга қимматлашишидир.
Шунингдек, 2017 йил ноябрдаги бензин нархининг 39,7%га қимматлашиши, истеъмол нархлари индексининг (ИНИ) 0,5% даражага кўтарилишига олиб келди. Шуни таъкидлаш лозимки, амалда бензин нархининг ўсиши бевосита бошқа товарлар ва хизматлар қийматининг (уларнинг ишлаб чиқариш ва ташиш харажатларининг кўпайиши ҳисобига) ошишига таъсир қилади.
Уй-жой коммунал хизмати тарифларнинг 7,1%га ошиши инфляция даражасини 0,4 ф.д.да ўсишини таъминлади.
Мамлакатда инфляция жараёнларининг тезлашишига яна бир омили сифатида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан келгусида нархларни янада кўтарилишидаги кутилишлари, бунга оид объектив сабаблар бўлмаган тақдирда ҳам нархларнинг кўтарилишлари мумкин. Инфляцион кутилмалар, истеъмолчиларнинг фойдаланиш учун маҳсулотларни заҳирага ола бошлашларига сабаб бўлади, бу эса нархларнинг янада ўсишига туртки бўлиши мумкин.
Ёз ойларида инфляция даражасининг секинлашишига асосий сабаб, бу мавсумий жараёнлар ва мева-сабзавот маҳсулотларининг янги ҳосилдан бозорларни тўйинтирилиши билан боғлиқ. Бу ўз навбатида мева ва сабзавотлар нархларининг пасайишига олиб келди (июн ойида - 13,8%га, июлда - 14,9%га, августда - 4,6%га).
Юқорида айтиб ўтилганидек, озиқ-овқат маҳсулотлари йилда ўртача 15,9%га қимматлашди.
Йил давомида нархларнинг ўзгариш динамикаси бир маромда бўлмади: мавсумий тенденциялар билан боғлиқ ҳолда июн ва июл ойларида озиқ-овқат нархлари 1,0% ва 0,7%га пасайди, 2017 йилнинг декабр ойида эса нархлар ошишининг энг юқори кўрсаткичи кузатилди (ой учун 4,4%).
2017 йилда ловия нархлари 42,4%га, тухум 36,1%га, мол гўшти 35,9%га, нўхат 33,2%га, парранда гўшти 33,1%га, қўй гўшти 31,4%га, шакар 28,8%га, маргарин 21,3%га, сут 20,6%га, сариёғ 19,9%га, творог 18,5%га, қаҳва ва чой - 17,0%га, гуруч 16,2%га, ўсимлик мойи 15,3%га, пишлоқ 15,1%га, қандолат маҳсулотлари 14,0%га, ун 10,4%га ўсди.
2017 йилнинг декабр ойида республика вилоятларида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархлари орасидаги тафавут сақланиб қолди. Республика ҳудудлари орасида мол гўштнинг энг юқори ва энг паст нархи орасидаги фарқ 1,3 баробар, қуй гўштида - 1,5 баробар, гуручда - 2,0 баробар ва картошкада - 1,3 баробар.
2017 йилга келиб ноозиқ-овқат товарлари 16,1%га ошиб, бу эса ИНИнинг 5,7 ф.д.да ўсишига олиб келди. Кийим-кечак, пойабзал, газлама ва маиший тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш моллари, маданий маҳсулотлар, шахсий гигиена маҳсулотлари, шахсий транспорт ва бензин нархларининг ошиши жами ИНИнинг 27,4%га тенг бўлди.
Мамлакат аҳолисига хизмат кўрсатиш бўйича нархлар ва тарифлар йил давомида ўртача 8,6%га ошди. Ушбу соҳадаги асосий инфляция омиллари алоқа хизматлари тарифларини 23,9%га, юридик ва банк хизматлари 15,0%га, маиший хизматлар 8,3%га, уй-жой коммунал хизматлари 7,1%га, йўловчи ташиш транспорт хизматлари 6,9%га ўсди.
Халқаро валюта фонди маълумотларига кўра, 2018 йилда республикада инфляция 14,3%ни ташкил қилиши кутилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки 2018 йилда инфляция даражасини 11,5 - 13,5% оралиғида бўлишини тахмин қилмоқда.
Сурат манбаи: https://www.foodnavigator-asia.com/Article/2017/06/15/Indonesia-launches-web-monitor-to-keep-check-on-food-price-inflation