2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда қонунни илк марта бузган тадбиркорлар жавобгарликдан озод қилинади

Дата: 07:29, 07-10-2016.

Тошкент. 7 октябр. ЎзТАГ – 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари жавобгарликдан озод қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

“Белгилаб қўйилсинки, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб (...) молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар”, - дейилади хужжатда.

Шунингдек, хужжатга мувофиқ, ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар.

“Белгилаб қўйилсинки, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб (...) ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладилар”, - деб таъкидланади хужжатда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: