2017 йилнинг январ-декабрида Ўзбекистонда яшовчи бир кишига тўғри келадиган ялпи даромад ўртача 5,8 млн сўмни ташкил этди

Дата: 09:44, 16-01-2018.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – 2017 йил январ-декабр ўртасида Ўзбекистон аҳолисининг ялпи даромадлари 186,2 трлн. сўмни ташкил этиб, бир кишига ўрта ҳисобда 5,8 млн. сўмдан тўғри келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Аҳоли умумий даромадларининг реал ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 110,3%ни ташкил этди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, аҳолининг ялпи даромадлари пул ва натурал шаклдаги даромадларни ўз ичига олиб, одатда уй хўжалигига ёки унинг аъзоларига ҳар йили ёки ундан қисқа муддатда доимий равишда тушиб турадиган даромадларни ўз ичига олади.

Республика вилоятлари бўйича аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлари мамлакат бўйлаб кўрсаткичдан юқори бўлган ҳолат Тошкент шаҳрида (12,7 млн сўм), Навоий (9,1 млн сўм), Бухоро (6,7 млн сўм), Тошкент (6,1 млн сўм) ва Сирдарё (5,8 млн сўм) вилоятларида қайд этилган.

Аҳоли жон бошига умумий даромаднинг энг юқори реал ўсиш суръати Хоразм вилоятига (16,8 %) тўғри келди. Шунингдек, Андижон (14,7 %), Сурхондарё (14,5 %), Наманган (13,7 %), Самарқанд вилоятларида (11,5 %) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (11,1 %) аҳоли жон бошига умумий даромад кўрсаткичларининг реал ўсиш суръатлари мамлакат даражасидан юқорини ташкил этган.

Сурат манбаи: http://vnews.agency/news/business/75507-kurs-dollara-na-mezhbanke-v-1530-povysilsya-do-2799-griven-dollar.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: