2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида қиймати 4,2 трлн сўмлик лойиҳалар амалга оширилади

Дата: 15:18, 10-11-2017.

Тошкент. 10 ноябр. ЎзТАГ – 2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида қиймати 4,2 трлн сўмлик лойиҳалар амалга оширилади, бунинг ҳисобига 11 минг атрофида янги иш жойлари яратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 9 ноябр куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида айтиб ўтилди. 

 Ушбу лойиҳалар, асосан қуйидаги йўналишларда амалга оширилади.

 “Биринчидан, енгил саноатда умумий қиймати 1 триллион 400 миллиард сўм бўлган 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади ва 3 минг 400 дан ортиқ иш ўрни яратилади. Бунда асосий эътибор хомашёни чуқур қайта ишлаб, рақобатдош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилади. Натижада вилоятда пахта толасини қайта ишлаш даражаси бугунги 20 фоиздан 2018 йилда 60 фоиздан ошади, 2019 йилда эса 100 фоизга етказилади”, - деб таъкидлади Мирзиёев.

Иккинчидан, деб давом этди у, юқори технологияларга асосланган машинасозлик, электротехника ва фармацевтика каби замонавий соҳаларда умумий қиймати 715 миллиард сўмлик 17 та лойиҳа амалга оширилади. Масалан, Оқдарё туманида “Вакцина фарм медикал” корхонасида йилига 12 миллион дона дори воситалари ишлаб чиқарадиган корхона барпо этилади. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, учинчидан, маҳаллий хомашё асосида замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 407 миллиард сўмлик 33 та лойиҳа амалга оширилади ва 1 минг 200 та янги иш ўрни яратилади. Мисол учун, Пастдарғом туманидаги цемент корхонасида йилига 560 минг тонна цемент, темир йўл таъмирлаш корхонасида 10 минг тонна графит ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. 

 “Тўртинчидан, Самарқанд заминида етиштириладиган ширин-шакар мевалар, сабзавот маҳсулотларининг довруғи бутун дунёга яхши маълум. Афсуски, бизда уларни замонавий қайта ишлаш, сақлаш ва истеъмолчига етказиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилмагани учун бу бойликнинг катта қисми қишга етмасданоқ йўқ бўлиб кетади”, деб таъкидлади Мирзиёев. 

Ҳозирги кунда экологик тоза ва хавфсиз озиқ-овқат масаласи жаҳон миқёсида қандай долзарб бўлиб бораётганини барчамиз телевидение, Интернет орқали кўриб-билиб турибмиз, - деди Мирзиёев. “Ана шу масалаларнинг барчасини ҳисобга олиб, юртимизда, жумладан, Самарқанд вилоятида мева-сабзавот етиштириш, уни сақлаш ва қайта ишлашни янада кўпайтириш чораларини кўряпмиз”, - деб давом этди давлат раҳбари. 

Бу борада охирги йилларда вилоятда 9 минг гектардан ортиқ интенсив мевали боғлар барпо этилгани албатта катта иш бўлди. Жорий йил апрель ойида вилоятга ташриф пайтида берилган топшириққа асосан 1 минг 300 гектар ёнғоқзор, 230 гектар пистазор ва 60 гектардан ортиқ унаби плантациялари барпо қилинди.

“Эртанинг ғамини бугундан кўриб қўй” деган нақлга амал қилиб, энди бу боғларнинг мевасини қайта ишлаш, улардан қандай маҳсулотлар тайёрлаш, уларни дунё бозорига чиқариб сотиш ҳақида ўйлашимиз керак, деди президент. “Нега деганда, маҳсулотнинг бозорини топиш – бу азоб. Бугун дунёда, жаҳон бозорида қандай кучли рақобат ҳукм сураётгани сизларга яхши маълум. Биз ҳозирги кунга қадар вилоятда ҳосилдорлиги паст бўлган 7 минг 200 гектар ерни пахта ва ғалладан бўшатдик. 2018-2020 йилларда яна 15 минг гектар майдон ғалла ва пахтадан бўшатилади. Бу ерларда боғлар барпо этилади ва юқори даромадли экинлар экилади”, - деб таъкидлади Мирзиёев. 

 Шу тариқа қишлоқ хўжалигининг таркибий тузилиши ўзгаради, у билан боғлиқ қайта ишлаш тармоқлари, инфратузилмалар ўзгаради. Шу мақсадда келгуси 2 йилда мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 519 миллиард сўмлик 47 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада вилоятда қўшимча равишда 6 минг 400 гектар янги боғ, 100 гектар иссиқхона, 24 минг тонналик совутиш камералари барпо этилади, мева-сабзавотни қайта ишлаш даражаси 16 фоиздан 31 фоизга етказилади. 

Бешинчидан, деб таъкидлади Ўзбекистон президенти, чорвачиликни жадал ривожлантириш мақсадида наслли қорамолларни кўпайтириш бўйича 47 миллиард сўмлик 14 та лойиҳа, паррандачилик бўйича 186 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилади. Шу тариқа вилоятда чорва моллари сони 1,4 баробар ўсишига эришилади. 

Олтинчидан, деди яна Мирзиёев, “Ургут” эркин иқтисодий зонасида 138 миллион долларлик 43 та янги лойиҳа амалга оширилади ва 2 минг 500 та янги иш ўрни яратилади. 

 Яқинда Туркия Республикасига амалга оширган ташрифимиз давомида туркиялик ишбилармонлар билан мазкур иқтисодий зонада ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар ўтказдик. Энди ана шу келишувларни амалга ошириш учун биз белимизни қаттиқ боғлаб, янада масъулият билан ишлашимиз керак. 

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур, Нарпай ва Пастдарғом туманларида бўш турган ва тўлиқ фойдаланилмай ётган саноат объектлари негизида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этилади.

 Еттинчидан, деб давом этди Ўзбекистон президенти, юқорида тилга олинган йирик лойиҳалардан ташқари, умумий қиймати 340 миллиард сўмлик 1 минг 700 тага яқин кичик лойиҳалар ҳам амалга оширилади ва 7 мингдан зиёд иш ўрни яратилади. 

 20 кун муддатда Самарқанд вилоятида 2018-2019 йилларда амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари бўйича дастур ишлаб чиқиши керак. Унда объектларни ишга тушириш муддатлари, молиялаштириш манбалари, лойиҳа ташаббускорлари ва инвесторлар аниқ белгилаб қўйилиши лозим, деб хулоса қилди Шавкат Мирзиёев.

Янгилик билан ўртоқлашиш: