2018 йил баҳорда Turkish Airlines Истамбул-Самарқанд рейсини йўлга қўяди

Дата: 16:49, 26-10-2017.

Тошкент. 26 октябр. ЎзТАГ – 2018 йил баҳорда Turkish Airlines Истамбул-Самарқанд рейсини йўлга қўяди, деб хабар беради “Анадолу” турк ахборот агентлиги.

“Turkish Airlines авиакомпанияси 2018 йил 16 мартдан бошлаб Истанбулдан Самарқандга мунтазам рейсларни йўлга қўяди, деб хабар берди Туркия президенти Ражаб Таййиб Эрдўғон ўзбек давлати етакчиси Шавкат Мирзиёев билан бирга ташкил этилган матбуот анжуманида”, - дейилади хабарда.

Эрдўғоннинг сўзларига кўра, янги авиарейснинг очилиши икки биродар мамлакатни янада яқинлаштиришга кўмаклашади.

Олдин хабар берилгани каби, 30 октябрдан бошлаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси “Самарқанд-Истанбул” йўналиши бўйлаб мунтазам парвозларни амалга ошира бошлайди. Рейслар душанба кунлари бажарилади. Самолёт Самарқанддан 20.00да учиб, Истамбулга 23.00да етиб келади. Туркиядан ортга қараб парвоз 00.30да (+1) бошланади, Самарқандга 06.45да етиб келинади.

Эслатиб ўтамизки, ўзаро парвозларни йўлга қўйиш ҳақидаги келишув жорий йил августда Тошкентда имзоланган эди. Қишда парвозлар ҳафтасига бир марта, ёзги мавсубдан бошлаб эса ҳафтасига икки мартадан амалга оширилиши режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: