2018 йил охирида Ўзбекистонда аналогли телеузатув тўхтатилади

Дата: 14:54, 20-07-2017.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон ҳукумати 2018 йил декабрдан бошлаб республика ҳудудида аналогли телеузатувни тўхтатиш ҳақидаги қарорни тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирлар Маҳкамаси аналогли телеузатувни босқичма-босқич 2018 йилнинг 15 июлигача Тошкентда, 2018 йилнинг 5 декабригача эса бутун мамлакат бўйлаб тўхтатиш жадвалини ишлаб чиқди.

“Қарорга мувофиқ, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига “Ўзбекистон Республикасида ер усти рақамли телеузатиш тармоғини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида республиканинг барча аҳоли яшаш пунктларини 90 комплект катта қувватли ва 404 комплект кичик қувватли рақамли телеузатиш передатчикларини бутун республика ҳудудида эксплуатация қилиш ҳисобига рақамли телеузатиш билан қоплашни таъминлаши зарур”, - дейилади хужжатда.

Вазирлар Маҳкамаси тижорат банкларига аҳолига, айниқса аҳолининг эҳтиёжманд қисмлари ва нафақахўрларга рақамли телевидение хизматларидан фойдаланиш учун керакли ускуналар, жумладан, телевизорлар, приставкалар ва бошқаларни харид қилиш учун имтиёзли истеъмол кредитларини тақдим этишни кенгайтириш тавсия этди.

 Бундан ташқари, аҳолининг рақамли телеузатиш хизматларига кенг уланиши, шу жумладан, республиканинг энг узоқ ва бориш қийин аҳоли яшаш пунктларигача чет эл сунъий йўлдош алоқаси оператори сунъий йўлдош сегменти ижараси воситасида умумий давлат телерадиодастурлари социал пакетларининг тарқатилишини таъминлаш топширилди.

Телесигналларни қабул қилиш қурилмалари нархини арзонлаштириш мақсадларида “Ўзэлтехсаноат” АК корхоналарига 5 йил ичида 3 миллион дона телевизион приёмниклар ишлаб чиқариш белгиланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: