2018 йилда Қаршидаги йигирув фабрикаси $12 млнлик маҳсулот экспорт қилди

Дата: 11:25, 14-12-2018.

Тошкент. 14 декабр. ЎзТАГ – 2018 йилда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳридаги Sulton teх group йигирув фабрикаси $12 млнлик маҳсулот экспорт қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумотлар Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёевнинг 13 декабр куни Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида очиқланди.

“Жорий йилнинг ўтган даврида $12 млн миқдоридаги маҳсулот Польша, Туркия, Эрон, Миср каби ўнга яқин мамлакатга экспорт қилиниб, 50 млрд сўмлик маҳсулот ички бозорга етказиб берилди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизматининг хабарида.  

Корхона Швейцария ва Япониядан энг сўнгги русумдаги тозалаш, йигириш ва ўраш ускуналари билан жиҳозланган. Биринчи босқичда ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 300 га яқин одам иш билан таъминланди.

Қайд этилишича, президентнинг ташрифи чоғида лойиҳанинг иккинчи босқичи – йилига 3 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга тўқув фабрикаси фаолиятига старт берилди. 

“Умумий қиймати $53 млндан зиёд бўлган корхонанинг навбатдаги босқичларида мато тўқиш, уни бўяш, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жумладан, тикув маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаси 2019 йил январь ойида ишга туширилади. Ушбу лойиҳанинг қиймати $3 млндан иборат бўлиб, ишлаб чиқариш ускуналари Европанинг илғор технологияларидан иборат. Фабрика ишга тушиши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиб, йилига 9 млн дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади”, - дейилади хабарда. 

Корхонада энг самарали иқтисодий тизим бўлган пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилинган бўлиб, бунинг учун Қарши тумани ҳудудидан 10 минг гектар ер майдони ажратилган. Яъни, пахта етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот қилиб сотишгача бўлган жараён ушбу корхонанинг ўзида амалга оширилади. Бу орқали маҳсулот таннархини арзонлаштириш ва сифатини оширишга эришилади. 

Ш. Мирзиёев корхонанинг кейинги босқичларини ҳам тезроқ ишга тушириш, тайёр маҳсулот турларини ва экспорт географияси янада кенгайтириш, пахта-тўқимачилик кластерини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бундан ташқари, шу ерда Сингапурнинг «Индорама» компанияси томонидан Қашқадарё ва Сирдарё вилоятларида пахта тўқимачилик кластерлари ташкил этиш, мамлакатимизнинг Польша, Эрон Ислом Республикаси, Буюк Британиядаги элчихоналари томонидан Қашқадарё вилоятига хорижий инвестицияларни жалб этиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган режалар тақдимоти ўтказилди.

 

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: