2018 йилда Хоразм вилоятида 312 инвестиция лойиҳалари амалга оширилди

Дата: 10:47, 03-12-2018.

Тошкент. 3 декабр. ЎзТАГ – 2018 йилда Хоразм вилоятида 312 инвестиция лойиҳалари амалга оширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг Урганчда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясида очиқланди. Йиғилишда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Давлат раҳбари Хоразм вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолининг ижтимоий шароитларини яхшилаш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. 

“Жорий йилда вилоятда 312 та инвестиция лойиҳаси бажарилиб, янги корхоналар ишга туширилган. Йил якуни бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 16%, экспорт 22% ўсиши кутилмоқда”, - дейилади президент матбуот хизматининг хабарида. 

Бундан ташқари, 100 та давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиб, болаларни боғчаларга қамраб олиш 33%га етган. Шунингдек, Хоразм учун муҳим бўлган электр энергияси ва тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳам муайян ишлар қилинди. 254 км электр, 456 км сув тармоқларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Ш. Мирзиёев Иқтисодиёт тармоқларини кўпайтириш, янги саноат корхоналари ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали бандлик даражасини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Эслатиб ўтмизки, Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 29-30 ноябр кунлари Хоразм вилоятига ташриф буюрди.

Сурат манбаи: https://president.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: