2018 йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон Орол муаммосига бағишланган олий даражадаги учрашув ўтказади

Дата: 13:00, 18-09-2017.

Тошкент. 18 сентябр. ЎзТАГ – Қозоғистон ва Ўзбекистон 2018 йилда Орол муаммосига бағишланган олий даражадаги учрашув ўтказади, деб хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) ҚР президенти матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Келаси йили Оролни қутқариш халқаро жамғармаси 25 ёшга тўлади. Ҳозирда у Орол муаммолари бўйича ягона давлатлараро механизмдир. Шу муносабат билан, биз жамғарма фаолиятини жадаллаштириш зарурлиги борасида бизнинг қарашларимиз бирлигини тасдиқладик. Хусусан, биз 2018 йилда Орол муаммосига бағишланган олий даражадаги учрашув ўтказиб, ушбу умумий муаммомизни ўзаро мақбул ҳолда ҳал қилиш йўлларини муҳокама қилиш ниятидамиз”, - деб иқтибос келтиради Оқўрда сайти Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари бўйича брифингдаги баёнотидан.

Шунингдек, у сув муаммоларини Ўзбекистон президенти билан батафсил муҳокама қилганини маълум қилди.

“Ушбу масала бутун Марказий Осиё минтақасини янада ривожлантириш учун жуда муҳим амамиятга эга. Қайд этиш зарурки, трансчегаравий сув ресурслари минтақадаги барча халқларнинг бойлигидир”, - деди Нурсултон Назарбоев.

Давлат раҳбари музокараларда минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини хабар қилди, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистон кўплаб халқаро масалаларга ўхшаш қарашда эканлигини қайд этди.

“Биз кўптомонлама шаклдаги ҳамкорлик масалаларини, шу жумладан, Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзолиги доирасидадан келиб чиқиб муҳокама қилдик. Афғонистондаги вазият билан боғлиқ ҳолда минтақадаги хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашдик. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича Остона саммити натижалари, шунингдек, Тошкентнинг иккинчи саммитни Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини муҳокама қилдик”, - деб қўшимча қилди Қозоғистон президенти.

Эслатиб ўтамизки, 16 сентябрда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: