2018 йилда “Тошкент - Рыбачье” йўловчи поезди йўлга қўйилади

Дата: 17:13, 19-12-2017.

Тошкент. 19 декабр. ЎзТАГ – 2018 йилда “Тошкент - Рыбачье” йўловчи поезди йўлга қўйилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Қирғиз темир йўли”нинг матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Қирғиз темир йўли МК” ДК Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси давлат раҳбарларининг келишувларига мувофиқ, ўзбек ва қозоқ темир йўллари билан келишилган ҳолда 2018 йил ёзда ҳафтасига бир марта қатновчи “Тошкент - Рыбачье” йўловчи поезди йўлга қўйиш ҳақида битимга эришилди”, - дейилади хабарда.

Поезд Ўзбекистон темир йўли вагонларидан иборат бўлади.

Айни пайтда, хабарга кўра, поездлар жадвалини тайёрлаш ва тарифларни шакллантириш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

“Азаттик” радиосининг маълум қилишича, Ўзбекистондан Қирғизистонга бўлган маршрут Қозоғистон ҳудуди орқали ўтади.

Ўзбекистондан Иссиқкўлга темир йўл қатновини ишга тушириш ҳақидаги шартнома тўғрисида Қирғизистон президенти Сооранбай Жээнбековнинг Тошкентдаги 13-декабр кунги расмий учрашувда маълум бўлди.

“Қирғизистонда ноёб Иссиқкўл кўли бор. Кишилар авиарейс очишимизни исташди, лекин биз Иссиқкўлга темир йўлни очиш ҳақида келишиб олдик. Айтингчи, нега одамлар қўшниларимизда бундай худо берган жой бўлганда узоққа боришлари керак. Транспорт-логистика масалалари бўйича биз анча илгариладик”, - деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Қирғизистон ва Ўзбекистон Ўшдан Тошкентга авиппарвозларни амалга оширишга ҳам келишиб олди.

Сурат манбаи: фото из открытых источников

Янгилик билан ўртоқлашиш: