2018 йилда Ўзбекистон томчилаб суғориш жорий этилган майдонларни 25 минг гектарга етказишни режалаштирмоқда

Дата: 16:33, 14-10-2015.

Тошкент. 14 октябр. ЎзТАГ – 2017 йил сўнгига қадар Ўзбекистон томчилаб суғориш жорий этилган майдонларни 25 минг гектарга етказишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Шуни қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги сув хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алломжон Фозилов Миландаги атроф муҳит ва сув ресурслари бўйича “Европа Иттифоқи–Марказий Осиё” конференциясида қилган чиқишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда 2013-2017 йилги махсус давлат дастури доирасида сувни тежаш масалаларига алоҳида эътибор берилган.

“Эгилувчи шланглар ва пленка ёрдамида суғориш тадбирлари 30 минг гектар майдонларда қўлланмоқда. Томчилаб суғориш жорий этилган майдонлар ҳажми 19 минг гектардан ошиқ. Яқин бир неча йилда унинг ҳажми 25 минг гектаргача кенгаяди”, - деб таъкидлади у.

Республика қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини диверсификация қилишга катта эътибор қаратмоқда. Гуруч, пахта каби сувталаб экинлар ўрнига дон, полиз экинлари, боғлар, узумзорлар берпо этилмоқда. Натижада пахта майдонлари 1,25 млн га (ёки 30%), гуруч майдонлари эса 40 минг га (ёки 4 бараварга) камайган.

Юқоридаги чоралар орқали сув сарфини республикада 90-йиллар билан солиштирганда 20% зиёдга камайтиришга эришилди. Бир гектар ерни суғоришга кетадиган сув ҳажми 18 минг м3/дан 10,5 минг м3/гача озайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: