2018 йилда Ўзбекистонда ЙТҲ натижасида 2 мингдан зиёд киши ҳаётдан кўз юмди

Дата: 14:49, 25-01-2019.

Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – 2018 йилда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари (ЙТҲ) натижасида 2 мингдан зиёд киши ҳаётдан кўз юмди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2018 йилда республикада йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 2262 киши ҳалок бўлган (2017 йилда 2473 киши, – 8,5%), 8458 киши тан жароҳати олган (2017 йилда 9637 киши, – 12,2%), - дейилади ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Бундан ташқари, 2018 йилда пиёдалар ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилиши бўйича 109280 қоидабузарга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган чоралар кўрилган.  

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 2018 йилда маъмурий судлар тарафидан кўриб чиқилган ишлар сони 57179 етди. Ҳуқуқбузарликлар автомобилни маст ҳолда бошқариш ва ҳайдовчиларнинг мастликни аниқлаш текширувидан ўтишдан бош тортиши билан боғлиқ бўлган.

Булардан 44367 ҳайдовчилар ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинди, 6264 таси маъмурий қамоққа тушди.

Шунингдек, 22810 ҳайдовчилар енгил тан жароҳати етказиш ёки сезиларли моддий зарар келтиришга олиб келган ЙҲҚ бузилиши ишлари бўйича жазога тортилдилар. Бундан 19211 тасига жарима солинган, 1511 киши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

 

Сурат манбаи: https://sud.ua

Янгилик билан ўртоқлашиш: