2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон солиқ мониторингини амалга оширади

Дата: 14:50, 19-07-2017.

Тошкент. 19 июл. ЎзТАГ – 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон солиқ мониторингини амалга оширади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 18 июлдаги қарори билан кўзда тутилган.

Хусусан, солиқ мониторинги солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини назарда тутади.

Давлат солиқ бошқармалари йирик солиқ тўловчилар бўйича солиқ маъмуриятчилиги функцияларини амалга ошириши таъкидланган.

Вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субъектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари берилиши мумкин.

Ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилади.

Ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади.

Хужжатга мувофиқ, давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қиладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақлари бўйича операцияларини 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилади.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Тошкент, Нукус шаҳарларида ва вилоят марказларида солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этишни топширди.

Шунингдек, солиқ текшируви объектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизим жорий этилади.

Давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга оширади, натижаси бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаштиради.

Янгилик билан ўртоқлашиш: