2019-2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон коллежларида ўқиш қисман пулли бўлади
Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – 2019-2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон коллежларида ўқиш қисман пулли бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу давлат раҳбарининг 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.
Касб-ҳунар коллежлари вазирликлар, идоралар, тижорат банклари, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар балансига берилиши муносабати билан улар турли манбалардан молиялаштирилиши назарда тутилмоқда. Улар орасида тўлов-контракт асосида ўқиш учун тушадиган маблағлар, вазирликлар ва идоралар, хўжалик бирлашмалари, тижорат банклари ва йирик корхоналарнинг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари, мутахассисларни тўлов-контракт асосида ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун ота-оналар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг маблағлари бўлиши, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлар белгиланди.
Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежларида ўқиш учун ўқиш тугаганидан кейин вилоятларда 3 йил ишлаб бериш шарти билан давлат грантларини ажратиш ҳам режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мамлакат ўрта мактаблари 11 йиллик таълимга ўтмоқда, касб-ҳунар коллежларига эса шундан кейин кириш мумкин.
Сурат манбаи: http://uznaikak.su/1258