2019 йил 5-10 апрелда Термизда бахшилик санъати бўйича биринчи фестиваль ўтказилади

Дата: 14:38, 05-11-2018.

Тошкент. 5 ноябр. ЎзТАГ – 2019 йилнинг 5-10 апрелида Сурхандарё вилоятининг Термиз шаҳрида бахшилик санъати бўйича биринчи фестиваль ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг (маъмурияти - ЎзТАГ) Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ташкил этиш ҳамда ушбу фестивални биринчи марта 2019 йилнинг 5-10 апрел кунлари ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин”, - дейилади Ўзбекистон президентининг “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорида.

Ҳужжатга мувофиқ, фестивалга хорижий давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар, бахши, шоир, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилади.

Шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Термиз шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини, фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари ва заллар талаб даражасида тайёрланишини таъминлаш топширилди.

Термиз шаҳридаги “Сурхондарё санъат саройи” давлат муассасаси майдони ҳудудида бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари намойишлари ташкил этилади.

Бундан ташқари, Вазирар Маҳкамасининг топшириғига мувофиқ, фестивалга ташриф буюрувчи меҳмонлар учун Маданият вазирлигининг буюртманомаларига биноан Ўзбекистонга кириш визаларининг белгиланган тартибда консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмасдан расмийлаштирилишини таъминлаш вазифаси юкланди.

Сурат манбаи: http://www.gtn.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: