2019 йил бошида Ўзбекистонда McDonald’s, Starbucks, Burger King ва KFC пайдо бўлиши мумкин

Дата: 15:33, 24-05-2018.

Тошкент. 24 май. ЎзТАГ – 2019 йил бошида Ўзбекистонда McDonald’s, Starbucks, Burger King ва KFC пайдо бўлиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Spot нашрига таянган ҳолда.

Нашр маълумотига кўра, McDonald’s, Starbucks ва Burger Kingни Ўзбекистонга таклиф этиш Вазирлар Маҳкамасининг “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатда таъкидланишича, Тошкент вилоятида туризм учун ажойиб табиий шароитлар мавжуд, жумладан, Чорвоқ сув омбори. Кичик инфратузилма мавжудлигига қарамасдан, бу ер чет эллик сайёҳларнинг халқаро сўровлари ва талабларига жавоб бермайди.

Шу муносабат билан “Чорвоқ” эркин туристик зонасини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Режа бандларидан бирида мамлакатда овқатланиш соҳасидаги жаҳон брендларини таклиф этиш назарда турилган.

Хусусан, 2019 йилнинг январига қадар эркин туристик зона ҳудудида жаҳон талаб ва стандартларига жавоб берадиган овқатланиш борасидаги McDonald’s, Starbucks, Burger King ва KFC каби халқаро брендлар тармоқларини яратиш масалалари кўриб чиқилиши керак.

Эслатиб ўтамизки, KFCнинг ўзбек бозорига чиқиши ҳақида бундан олдинроқ маҳаллий ОАВ ёзишган эди. Унга мувофиқ, илк KFC ресторанлари 2018 йил охиригача очилади.

 

Сурат манбаи: https://evergreencoin.org/af/green-news/

Янгилик билан ўртоқлашиш: