2019 йил июлдан Ўзбекистонда ЙҲҚ бузилишлари акс эттирилган видеоёзувларни тақдим этганлик учун мукофот берилади
Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – 2019 йил 1 июлдан Ўзбекистонда йўл ҳаракат қоидалари (ЙҲҚ) бузилишлари акс эттирилган видеоёзувларни тақдим этганлик учун мукофот берилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 сентябрдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айтиб ўтилган.
Ҳужжатга мувофиқ, ички ишлар вазирлигига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда видеорегистраторлар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги видеоёзувларни тўпловчи марказлаштирилган тизимни ишга тушириш топширилган.
Қарорда қайд этилишича, тизим ЙХҲББнинг “Мамурий амалиёт” автоматлашган комплекс ахборот тизими билан интеграция қилинади.
2019 йил 1 июлдан бошлаб ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар жамоат транспорти ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун автотранспорт воситаларига видеорегистраторлар ўрнатиш бўйича мажбурий тартиб ўрнатилади. Транспорт воситасидаги видеорегистраторлар қайд этган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари акс этган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган техника (фото ва видеорадар) қайд этган видеоёзувларга тенглаштирилади.
Ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги видеоёзувларни тақдим этган шахсларга бериладиган мукофот энг кам иш ҳақи миқдорининг 5%ни (9215 сўм) ташкил этиб, у қоидабузардан ундирилган жарима ҳисобидан тўланади.
Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисидаги видеоёзувларни тақдим этган шахслар ҳақидаги маълумотлар ошкор қилинмайди.
1ЭКИҲМ=184300 сўм
Сурат манбаи: из http://hesed.info