2019 йил кузда Hyundai Ўзбекистонда тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича заводни ишга туширади

Дата: 15:28, 19-11-2018.

Тошкент. 19 ноябр. ЎзТАГ – Hyundai 2019 йил сентябрда Ўзбекистоннинг Наманган вилоятида тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича заводни ишга туширади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) РИА Новостига таянган ҳолда.

Агентликнинг Наманган вилояти ҳокимлигига таяниб хабар қилишича, ўтган дам олиш кунлари Тўрақўрғон тумани Hyundai-Namangan KD тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича заводининг тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.

“Янги завод биринчи маҳсулотларини 2019 йил сентябрда ишлаб чиқариши режалаштирилмоқда”, - деди маъмурият вакили.

Унинг сўзларига кўра, биринчи босқичда 400тагача кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқариш режаланган, бу кўрсаткич босқичма-босқич 2500тага етказилади. Ўрта истиқболда маҳаллийлаштириш даражаси 50% етиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрда Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистонда Hyundai автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича келишув тузилган эди. Ҳужжат инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Evergreen Motors компанияси (KIA ва Hyundaiнинг МДҲдаги расмий вакили) ўртасида имзоланган эди. Ишлаб чиқаришга киритилган инвестициялар ҳажми $200 млн атрофидани ташкил этади.

Сурат манбаи: ria.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: