2019 йил охирида Тошкентда “911”нинг муқобили ишга туширилади
Тошкент. 5 январ. ЎзТАГ – 2019 йил охирида Тошкентда “911”нинг муқобили бўлган “112” рақами ишга туширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
ictnews.uzнинг хабар беришича, Тошкентда “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасини амалга ошириш уч босқичда ўтказилади.
2018-2019 йилларда автотранспорт воситалари учун илғор таниб олиш технологиялари ва онлайн тўловни қўллаган ҳолда яратилган интеллектуал жамоат парковкалари лойиҳаси амалга оширилади. Шу билан бирга, барча шаҳар хизматлари шаҳарда жиноятлар ва ҳодисалар ҳақида ҳисоботларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича автоматлаштирилган ахборот тизимига киради. Шундай қилиб, “101”, “102”, “103”, “104”, шунингдек, шаҳарнинг бошқа навбатчи-диспетчерлик хизматлари “112” рақамли тизимга киради.
2019 йилдан 2023 йилгача лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бунда ахборот тизими вилоят марказлари ва шаҳарларини қамраб олади.
Учинчи босқичда бутун республика ягона тизимга бирлаштирилади, у нафақат ахборот тизимлари ва турли хил датчиклар билан таъминланади, балки кузатув ва огоҳлантириш тизимлари билан жиҳозланади.
Комплекснинг асосий вазифаси давлат ҳокимияти органларини ва хўжалик бошқаруви органларини “Хавфсиз шаҳар” лойиҳасининг телекоммуникацион инфратузилмаси ва ахборот ресурслари билан бирлаштириш бўлади.
“Хавфсиз шаҳарлар” лойиҳаси доирасида барча шаҳар аҳолиси санитария-эпидемиология станциялари, ФВВ, ёнғин хавфсизлиги хизматлари, тез тиббий ёрдам ва бошқа шаҳар хизматларидан олинган маълумотларни жамлаган ягона меъёрий ва ҳисобот базасига бепул кириш имкониятига эга бўлади.
Сурат манбаи: http://csridipetrograd.aptrg.gov.spb.ru/pamjatki-i-poleznaja-informacija/gorodskoj-monitoringovyj-centr---telefon-112/