2019 йилда Анқара шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия Олий Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади

Дата: 16:48, 06-08-2019.

Тошкент. 6 август. ЎзТАГ – 2019 йилда Анқара (Туркия) шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия Олий Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) маълумотларига кўра, 5 август куни Анқара шаҳрида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Абдулазиз Комилов ва Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушоглу раислигида қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

"Вазирлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президентлари Режеб Таййип Эрдўғон ўртасидаги келишувларнинг амалга оширилиши, 2019 йилда Анқара шаҳрида бўлиб ўтадиган стратегик шериклик Олий Кенгашининг давлат раҳбарлари раислигидаги биринчи Мажлисига тайёргарлик доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сайёҳлик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.

ТИВ раҳбарлари турли даражадаги ва форматдаги ўзбек-турк мулоқотлари фаоллашганини, 2019 йил 22-23-июль кунлари Анқара шаҳрида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ўзбек-турк қўшма ҳукуматлараро комиссиясининг мажлиси самарали якунларини қайд этдилар. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ўзаро муносабатларда иқтисодий ва сармоявий алоқалар марказий ўрин тутиши қайд этилди.

Шунингдек, вазирлар икки томонлама сиёсий-дипломатик ҳамкорликни давом эттириш, БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидладилар.

Бундан ташқари, делегациялар раҳбарлари маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалаларига тўхталди. Турк томони Самарқанд шаҳридаги "Шарқ тароналари" XII халқаро мусиқа фестивалига ва Қўқон шаҳридаги ҳунармандлар I халқаро фестивалига таклиф этилди. Икки мамлакатнинг илмий ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш истиқболлари кўриб чиқилди.

"Музокаралар якунида 2020 йилда Тошкент шаҳрида икки давлат ТИВ раҳбарлари раислигида қўшма стратегияни режалаштириш гуруҳининг иккинчи мажлисини ўтказишга келишиб олинди. Йиғилишдан сўнг А.Комилов ва М.Чавушоглу 2020-2021 йилларда Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлиги ўртасида ҳамкорлик дастурини имзолади, унда савдо, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт, хавфсизлик, таълим ва бошқа масалалар, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик каби долзарб йўналишлар бўйича мунтазам равишда вазирликлараро маслаҳатлашувлар ўтказиш назарда тутилмоқда", - деб якунланади хабар.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил якунлари бўйича Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 40,5 фоизга ошди ва 2019 йил январь-июнь ойларида 2,172 млрд.долларни ташкил этди, бу эса 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 22 фоизга кўпдир. Турк капитали иштирокидаги компаниялар сони 50 фоизга ошди ва 1081 тага етди.

Сурат манбаи: ca-irnews.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: