2019 йилда Минскда Ўзбекистон билан биргаликдаги биринчи қўшма институт очилади

Дата: 17:15, 06-12-2018.

Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – 2019 йилда Минскда Ўзбекистон билан биргаликдаги биринчи қўшма институт очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2019 йилда Минскда Амалий мутахассисликлар ўзбек-белорус институти очилади. Бунга доир келишув Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Беларусь Республикасига ишчи ташрифи доирасида имзоланди”, - дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, институт Беларусь миллий техника университети (БМТУ) базасида очилади. Унга икки мамлакат фуқаролари янги йилдан киришлари мумкин бўлади.  

Ўқув жараёни халқаро стандартлар асосида икки мамлакат ўқув режаларига таянган ҳолда ташкил этилади. Институт базасида қўшма илмий-тадқиқот маркази ташкил қилинади.

И. Мажидов Беларусь миллий техника университети қошидаги “Политехник” илмий-техник паркида белоруслик ҳамкасби Игорь Карпенко билан учрашди. Улар мулоқот давомида ўзаро ҳамкорлик масалалари, жумладан, Ўзбекистонда қурилиш, автосервис ва умумий овқатланиш соҳаларида талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича кўпфункционал ресурс марказлари ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси 80 ўзбекистонлик ўқиётган Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университетига ташриф буюрди. Бу ОТМ Ўзбекистондаги қатор университетлар билан ҳамкорлик қилади, хусусан, Тошкент ахборот технологиялари университети билан қўшма факультет яратиш ҳақида келишув имзоланган.

 

Сурат манбаи: http://darakchi.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: