2019 йилда Тошкент, Нукус ва Хоразм вилоятида президент мактаблари қурилади

Дата: 11:18, 21-02-2019.

Тошкент. 21 феврал. ЎзТАГ – 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент, Нукус шаҳарлари ва Хоразм вилоятида президент мактаблари қурилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу чоралар президентнинг 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

“Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаси шаклидаги Президент мактаблари ташкил этилади. 2019-2021 йилларда Президент мактаблари Тошкент, Нукус ва Хива шаҳарларида ташкил этилади”, - дейилади халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, мактабларнинг асосий максади иқтидорли болаларни аниқлаш, таълим жараёнида илғор технологияларни қўллаган ҳолда уларни ўқитиш ва тарбиялаш бўйича яхлит тизим яратиш, истеъдодли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш ҳисобланади.

Яна маълум қилинишича, 2020 йилда бундай мактаблар Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятлари, 2021 йилда Андижон, Навоий, Наманган, Сурхандарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилади.

Президент мактабларида "STEAM – таълим" (Science – табиий фанлар, Тechnology – технологиялар, Engineering – техник ижодкорлик, Аrt – санъат, Мathematics – математика) дастури жорий этилади. Ўқиш инглиз тилида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, ҳар бир вилоятда Президент мактабларини ташкил қилиш таклифи мамлакат раҳбюари томонидан 2018 йил 18 ноябрда Нукусдаги йиғилишда ўртага ташланган эди.

Сурат манбаи: uzedu.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: