2019 йилнинг II ярмида Тошкентда RECCA VIIIнинг вазирлик конференцияси бўлиб ўтади

Дата: 10:02, 06-02-2019.

Тошкент. 6 феврал. ЎзТАГ – 2019 йилнинг II ярмида Тошкентда Афғонистон юзасидан иқтисодий ҳамкорлик қилиш бўйича Минтақавий конференциянинг (RECCA VIII) саккизинчи вазирлик конференцияси бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълуомотига кўра, 3-феврал куни Қобул шаҳрида 20 дан ортиқ давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда қатор халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирокида RECCAнинг биринчи мувофиқлаштирувчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, йиғилишда Афғонистон Ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний нутқ сўзлаб, Ўзбекистоннинг Афғонистон йўналишидаги ташаббусларига юқори баҳо берди, уларнинг РECCА доирасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларига тўлиқ мос келишини ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

“Афғонистон ТИВ раҳбари Ўзбекистон Ҳукумати таклифига биноан RECCA VIII вазирлар конференцияси 2019-йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтказилади”, - деб қўшимча қилди Раббани.

Ўзининг йиғлишдаги чиқишида Ўзбекистон Элчиси Йодгорхожа Шадманов Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг умумминтақавий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашиш борасидаги мамлакатимизнинг саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳамда Афғонистон томони билан биргаликда “Мозори-Шариф – Ҳирот” темир йўл линиясини, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини барпо этиш каби йирик инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида сўзлаб берди.

Шунингдек, йиғилиш доирасида Афғонистон пойтахтида жойлашган RECCA тадқиқот ва таҳлил марказининг расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

 

Сурат манбаи: http://gtn.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: