2020 йил охирига бориб Ўзбекистонда “Шўртан газ-кимё” мажмуаси қувватларини кенгайтириш ишлари якунланади
Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – 2020 йилнинг тўртинчи чорагида “Ўзбекнефтгаз” компанияси “Шўртан газ-кимё” мажмуаси қувватларини кенгайтириш бўйича лойиҳани якунлашни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Қашқадарё вилоятида қурилаётган газ-кимё мажмуасига бир неча кун олдин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташриф буюрди.
“Лойиҳа ишга тушгач, заводнинг полимер ишлаб чиқариш қуввати ҳозирги 125 минг тоннадан 450 минг тоннагача, яъни 3,6 баробарга оширилиши таъминланади. Натижада нефть-кимё йўналишини ривожлантиришга кенг йўл очилади ҳамда 250 янги иш жойи яратилади”, - деб таъкидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.
Биринчи босқичда юқори қийматли хом-ашё синтетик нафтани қайта ишлаб, янги турдаги полиэтилен ва полипропилен билан биргаликда пиролиз дистилятини ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Пиролиз дистилятидан янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиш имконияти ҳудудда технологик кластерни барпо этишга замин яратади, истиқболда кимё, автомобилсозлик, фармацевтика, қурилиш ва тўқимачилик соҳалари янада ривожланишида муҳим омил бўлади.
Лойиҳа завод майдонида амалга оширилиб, қурилиш ишлари комплекснинг ишлаб чиқариш жараёнига таъсир этмаган ҳолда олиб борилади.