2020 йил охиригача “Ўзэлтехсаноат” ҳудудларда 95 инвестиция лойиҳаларини амалга оширади
Тошкент. 19 август. ЎзТАГ – 2020 йил охиригача “Ўзэлтехсаноат” ҳудудларда қиймати $295 млнлик 95 инвестиция лойиҳаларини амалга оширади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш натижада 5 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Фақат жорий йилда уларни амалга ошириш орқали кондиционер ишлаб чиқариш 8,6%, газ ва электр плиталар чиқариш 6,7%, телевизорлар чиқариш 6,5%, музлатгичлар чиқариш 4,6%, кир ювиш машиналари чиқариш 3,1% ўсди”, – деб таъкидлашди “Ўзэлтехсаноат”да.
Бундан ташқари, ҳозирда тармоқни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга мувофиқ, 2030 йилгача соҳада $1 млрдга яқин сармоя ўзлаштирилиб, 22 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Корхоналарни модернизация қилиш ҳисобига ишлаб чиқариш ҳажми 5,1 мартага ўсади.