2020 йилда Ўзбекистон операторлари халқаро интернет-каналга тўғридан тўғри уланиш имкониятига эга бўладилар
Тошкент. 25 сентябр. ЎзТАГ – 2020 йилнинг 1 январига бориб Ўзбекистон операторлари халқаро телекоммуникация тармоқларига тўғридан тўғри уланиш имкониятига эга бўладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида “2019−2021 йилларда Ўзбекистонни инновацион ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитасида” сўз боради.
Хусусан, 2020 йил 1 январгача Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, унда провайдерлар томонидан интернетга уланишни либераллаштириш чоралари акс этади. Бу иш хусусий инвесторлар ва тадбиркорлар маблағларига амалга оширилади.
Барча операторларга халқаро телекоммуникация тармоқларига уланиш эркинлаштирилганидан кейин истеъмолчилар учун интернетга уланиш нархларининг арзонлашиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон 2020 йил 1 февралга қадар аҳолини, жумладан LTE ва WIMAX стандартлари бўйича ишловчи мобил тармоқларни ривожлантириш ҳисобига кенг полосали интернет билан қамраб олишни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон 2021 йилга қадар технология ва коммуникациялар соҳасидаги хизматлар экспорти ҳажмини умумий миқдорнинг 4%игача ошириш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда барча провайдер ва операторлар интернетга “Ўзбектелеком” миллий телекоммуникациялар оператори орқали уланган.
Сурат манбаи: из http://darakchi.uz