2020 йилдан Ўзбекистон иссиқлик таъминоти учун янги тўлов тизимига ўтади

Дата: 12:33, 03-12-2019.

Тошкент. 3 декабрь. ЎзТАГ – 2020 йилдан Ўзбекистон иссиқлик таъминоти учун янги тўлов тизимига ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2020-2021 йил иситиш мавсумидан бошлаб истеъмолчилар билан марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир куни учун 1 квадрат метр иситиладиган майдондан келиб чиқиб тўлов тизимига ўтказилади", – дейилади президентнинг "Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг маълумотларига кўра, бугунги кунда истеъмолчилар 1 квадрат метр учун ҳар ойда 1772 сўм тўлайдилар. Янги тарифга мувофиқ, ҳар бир иситиш куни учун ўзбекистонликлар 143 сўм тўлайдилар. Агар ҳозирги пайтда истеъмолчи 40 квадрат метр учун йил давомида 850560 сўм тўлаётган бўлса, 148 кун ичида 846560 сўм тўлаши керак бўлади.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб истеъмолчиларга иссиқлик таъминоти хизматлари учун тарифларни шакллантириш ва ўрнатишда иссиқлик таъминоти тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олинади, шунингдек, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва иссиқлик таъминоти тармоқларида йўқотишларни камайтириш ҳисобига хизматлар таннархини қоплаш механизмларини босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда;

Бундан ташқари, 2020 йилдан аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сув тарифларининг пасайтирилиши натижасида юзага келадиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланади.

 

Сурат манбаи: news.pn

Янгилик билан ўртоқлашиш: