2020 йилга қадар Европа иттифоқи Марказий Осиёдаги лойиҳаларни амалга оширишга €1,068 млрд ажратади

Дата: 17:16, 01-07-2015.

Тошкент. 1 июл. ЎзТАГ – 2014-2020 йилларда Европа иттифоқи (ЕИ) Марказий Осиёдаги (МО) лойиҳаларни амалга оширишга €1,068 млрд ажратади. Бу, бундан олдинги муддатдаги кўрсаткичга қараганда 56% кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Тошкентда Ўзбекистондаги ЕИ делегациясининг бошлиғи Юрий Штерк томонидан уюштирилган матбуот анжуманида очиқланди.

Унинг сўзларига кўра, ушбу қарор Европа иттифоқи ташқи алоқалар бўйича кенгашининг 22 июндаги йиғилишида қабул қилинган. Йиғилиш давомида Европа иттифоқининг Марказий Осиёдаги стратегияси таҳлил қилинган.

Ушбу стратегия илк бор 2007 йилда қабул қилинган бўлиб, ҳар 2-3 йилда қайта баҳоланади. Европа иттифоқи ташқи алоқалар бўйича кенгашининг сўнгги йиғилишида МО мамлакатлари, айниқса, Ўзбекистонга стратегияни амалга оширишдаги кўмак ва таҳлил учун миннатдорчилик билдирилди.

Европа иттифоқининг стратегиясини амалга оширишда ЕИ Марказий Осиёдаги янгидан тайинланган элчиси Петер Бурьян катта рол ўйнайди. У тегишли ҳудудий ва халқаро ташкилотлар билан мулоқотларни кенгайтириш учун жавоб беради.

Ю.Штерк Ўзбекистонга ЕИ томонидан ажратиладиган маблағ €168 млнни ташкил этишини ҳам таъкидлади. Дастур устиворликлари орасида қишлоқ хўжалиги, энергоресурслар соҳасини, жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга кўмак кабилар бор.

Бундан ташқари, республика Марказий Осиёдаги чегараларни бошқаришга кўмак дастури (БОМКА) ва Марказий Осиёда наркотикларга қарши кураш ҳаракатлари дастури (КАДАП) каби ҳудудий лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: