2020 йилга қадар Қозоғистон транспорт инфраструктураси ривожига $20 млрд. атрофида инвестиция киритилади

Дата: 14:25, 30-03-2015.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ - 2020 йилга қадар Қозоғистон транспорт инфраструктураси ривожига $20 млрд. атрофида инвестиция киритилади, дея хабар беради Қозоқ телеграф агентлиги (КазТАГ) ҚР Инвестициялар ва ривожланиш бўйича вазири ўринбосари Женис Қосимбекка асосланган ҳолда.

“2020 йилгача транспорт инфраструктураси ривожига $20 млрд. атрофида инвестиция киритишни режалаштирмоқдамиз. Асосан, ушбу инфраструктура Шарқ-Ғарб йўналишига, шу жумладан, Каспий томон ва ундан кейин Озарбайжон, Грузия ва Туркияга қаратилмоқда”, - деди Ж. Қосимбек душанба куни ўтказилган “Қозоғистон-Батуми” бизнес-форумида.

Шунингдек, вазир ўринбосари “Бейнеу-Жезқозғон” янги темир йўли қурилишига, ҳамда Хитой йўналишидаги иккинчи темир йўлига (Олтинкўл-Хоргос йўли - ЎзТАГ) ҳам инвестициялар киритилаётганлигини ҳам таъкидлади. Бундан кўзланган асосий мақсад ХХРдан Форс корфази ва Кавказ томонга максимал даражада транзит жалб қилиш учун инфраструктура яратишдан иборат.

Янгилик билан ўртоқлашиш: