2020 йилга қадар ўзбек ишлаб чиқарувчилари телевизорлар чиқаришни 4,4 баравардан зиёдга кўпайтириш ниятидалар
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – 2020 йилга қадар ўзбек ишлаб чиқарувчилари телевизорлар чиқаришни 4,4 баравардан зиёдга кўпайтириб, 2015 йилдаги 150 мингдан 2020 йилда 670 мингтагача етказиш ниятидалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бу иш асосан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳисобига амалга оширилади. Масалан, 2014 йилда суюқ кристалли телевизорлар ишлаб чиқариш маҳаллийлаштириш даражаси 35%дан ортиқ бўлмаган йирик блокли йиғиш негизида амалга оширилган бўлса, 2015 йилда эса интеграл босма платалар, корпус ва бутловчи деталлар, симлар, дистанцион бошқариш пультлари ва бошқа деталларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳисобига маҳаллийлаштириш даражаси 40%га етказилди” – деб таъкидлашди Иқтисодиёт вазирлигида.
2017 йилда эса суюқ кристалли панеллар чиқаришда ушбу кўрсаткич 50%дан кўпроқни ташкил этади.
Масалан, Samsung бренди остида телевизорлар ишлаб чиқарувчи Zenith Electronics компанияси Жанубий Кореядан электрон платалар ишлаб чиқарувчи роботлаштирилган линия ва электрон маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун қўшимча ускуналар сотиб олди. Жорий йилда компания ишлаб чиқаришни янада модернизациялаш учун $1 млн инвестиция киритиш ниятида.
Яна бир ширкат - "Фотон" компанияси эса 42 дюймли телевизорларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Дастлаб бу ерда 10 минг дона маҳсулот ишлаб чиқарилади.