2020 йилга қадар Ўзбекистон мева-сабзовот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 баравардан зиёдга кўпайтиради

Дата: 16:46, 12-07-2016.

Тошкент. 12 июл. ЎзТАГ – 2020 йилга қадар Ўзбекистон мева-сабзовот маҳсулотлари ишлаб чиқаришни 2 баравардан зиёдга кўпайтириб, бугунги 16 млн тонна атрофидадан 32 млн тоннагача етказади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида бугун республика бош вазири Шавкат Мирзиёев Тошкентда илк Халқаро мева ва сабзовот ярмаркасининг очилиш маросимида маълум қилди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, ишлаб чиқаришнинг кўпайишига маҳсулотни сақлаш учун замонавий совутиш мажмуаларининг яратилиши туртки бўлади. 2016 йил охирига қадар Ўзбекистон умумий қуввати 100 минг тоннадан ортиқ бўлган 197та совутиш камералари қўшимча эксплуатацияга киритишни режалаштирмоқда. Бугунги кунда мавжуд қувватлар 800 минг тоннани ташкил қилади.

Шунингдек, мева-сабзовот маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсишига 16 мингдан ортиқ фермер хўжаликларига имтиёзли кредитлар бериш ҳам ҳисса қўшади. Бош вазирнинг сўзларига кўра, банк ставкаси йилига 5%дан кўп бўлмайди.

Эслатиб ўтамизки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда сабзовотларни ишлаб чиқариш ҳажми 6 карра, мева етиштириш ҳажми 5 карра, полиз экинлари ҳажми 8 карра, узум етиштириш ҳажми 9 каррага ўсди.

Биринчи Халқаро мева ва сабзовот ярмаркаси “Ўзэкспомарказ” мажмуида ўтказилиб, 14 июлгача давом этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: