2020 йилга бориб Ўзбекистонда локализациядан кўриладиган самара $13 млрддан ошади

Дата: 16:59, 30-09-2015.

Тошкент. 30 сентябр. ЎзТАГ – Иқтисодиёт вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра 2020 йилга бориб Ўзбекистонда локализация дастуридан кўриладиган ялпи иқтисодий самара $13 млрддан ошади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ушбу маблағнинг катта қисми - $10,3 млрдига импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва $2,7 млрдига эса маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳисобига эришилади. Маҳаллийлаштириш дастури қўшимча равишда 13,3 мингдан ошиқ юқори малакали янги иш ўринлари яратишга имкон беради”, - деб таъкидлашди Иқтисодиёт вазирлиги матбуот хизматида.

Умуман, яқин беш йилликда 602та янги лойиҳани амалга ошириш эвазига, 1225 та импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган янги турдаги рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш режалаштирилган.

Хомашё ва материаллар заҳирасини кенгайтириш мақсадида, иқтисодиётнинг металлургия, кимё, қайта ишлаш, қурилиш, фармацевтика, электротехника тармоқлари салоҳиятидан янада унумлироқ фойдаланиш кўзда тутилган. Мазкур йўналишдаги 220 та лойиҳанинг амалга оширилиши, маҳаллий хомашё ва материаллардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиради.

Иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари маҳсулотларини маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш ҳисобига, маҳаллий савдо-сотиқ улушини оширадилар. Натижада, 2015-2019 йилларда саноатнинг асосий тармоқлари ва инфратузилмаларида мазкур ташаббусни амалга ошириш натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан савдо айланмаси $5,7 млрдга таъминланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: