2020 йилга бориб Ўзбекистонда синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш бошланади
Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – 2020 йилга бориб Ўзбекистонда синтетик ёқилғи заводини қуриш бўйича лойиҳани якунлаш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Яқинда Қашқадарё вилоятида қурилаётган завод қурилишини Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бориб кўрди.
Лойиҳа доирасида йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаш орқали 1,5 миллион тонна юқори сифатли “Евро-5” талабларига жавоб берадиган синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 743 минг тоннаси дизель ёқилғиси, 311 минг тоннаси авиакеросин, 431 минг тоннаси нафта ва 21 минг тоннаси суюлтирилган газни ташкил этади.
“Янги завод ишга туширилиши натижасида иқтисодиётнинг реал тармоқларини ривожлантириш, мамлакатимизнинг транзит салоҳиятини янада ошириш, шунингдек, нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг асосий қисмини қаноатлантириш ва нефть импортини камайтириш орқали хорижий валютани тежашга эришилади”, - деб таъқидлашди давлат раҳбарининг матбуот хизматида.
Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг иккинчи ярмида ниҳоясига етказилиши, заводда қўшимча 682 янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.