2020 йилгача Ўзбекистон энергетика соҳасида қиймати $8,9 млрдлик 33 лойиҳа амалга оширилади
Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – 2020 йилгача Ўзбекистон энергетика соҳасида қиймати $8,9 млрдлик 33 лойиҳа амалга оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекэнерго” АЖ хабар қилишларича, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда электр энергиясини ишлаб чиқаришда замонавий, юқори самарали технологик ускуналарни қўллаш ва энергия балансида муқобил энергиялар манбалари улушини ошириш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилишга катта аҳамият берилмоқда.
Жумладан, Навоий, Сирдарё иссиқлик электр станцияларида, Тошкент иссиқлик электр марказида замонавий технология ускуналари татбиқ этилгани, модернизациялаш натижасида жами ишлаб чиқариш қуввати 555 МВт кўтарилди. Айни пайтда 455 млн кубометр табиий газ тежаб қолинди.
Қатор иссиқлик электр станцияларида, хусусан, Тошкент, Толимаржон, Навоий, Тахиатош иссиқлик электр станцияларида умумий қуввати 1970 МВт бўлган буғ-газ ускуналарини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Ишга туширилган бундай буғ-газ ускуналари юқори техник-иқтисодий кўрсаткичга эга бўлиб, ҳар бир иссиқлик электр станциясида йилига 360 млн кубометр ҳажмдаги ёқилғи тежалади.
Республика табиий бойликларни асраш мақсадида муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, айниқса, қуёш энергияси манбасини ўзлаштириш бўйича фотоэлектрик қуёш станцияларини Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, энергия заҳираларидан оқилона фойдаланиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш мақсадида “Ўзбекэнерго” АЖ 2020 йилга қадар 15та ишлаб турган ГЭСларни модернизациялаш режалаштирилган. Натижада, ГЭСларнинг қуввати 200 МВтга ошиб, 600 млн киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилади, 250 млн кубометр табиий газ тежалади.