2021 йилдан ўзбек футболига VAR тизими жорий этилади

Дата: 15:36, 06-12-2019.

Тошкент. 6 декабрь. ЎзТАГ – 2021 йилдан бошлаб ўзбек футболига VAR тизими (Video Assistant Referee, судьянинг видео ёрдамчиси) жорий этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"2021 йилги футбол мавсумидан бошлаб Суперлига жамоалари ўртасидаги учрашувларнинг адолатлилиги ва шаффофлигини таъминлаш учун халқаро тажрибадан келиб чиқиб, халқаро футбол уюшмалари Федерацияси ва Осиё футбол Конфедерацияси (ОФК) талабларига мувофиқ VAR тизимини жорий этиш бўйича таклифлар (...) га розилик берилсин", - дейилади президентнинг"Ўзбекистонда футболни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) ҳузуридаги футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш марказини "мураббий", "селекционер (скаут)", "таҳлилчи", "судья", "маркетолог" ва "футбол менежери" йўналишлари бўйича футбол соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий мутахассисларни кенг жалб этиш орқали илм-фан ва инновацион технологияларнинг замонавий ютуқларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, футбол бўйича агентлар (воситачилар) фаолиятини тартибга солиш ва уларни аккредитация қилиш ваколатини ЎФАга топшириш вазифаси юклатилди.

Маълумот учун: VAR – футболда бош ҳакамга видеотакрорлар орқали қарор қабул қилиш имконини берадиган технология. Халқаро турнирларда бир қатор синовлардан сўнг 2018 йилда футбол бўйича ўйин қоидаларига расман киритилган.

Сурат манбаи: footboom.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: