2021 йилга қадар Ўзбекистон электр энергиясини генерация қилиш соҳасида қиймати $2,6 млрдлик етти инвестиция лойиҳасини амалга оширади

Дата: 16:56, 24-10-2018.

Тошкент. 24 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон 2021 йилга қадар электр энергиясини генерация қилиш соҳасида амалдагиларини модернизация қилиш ва янги қувватларни ишга тушириш бўйича умумий қуввати 1984 МВт ва қиймати $2,6 млрдлик етти инвестиция лойиҳасини амалга оширади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Президентининг “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан тасдиқланган “2018-2020 йилларда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр тармоқларини модернизация қилиш, электр энергияси ҳисоби ва истеъмолини назорат қилишни такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, жалб қилинадиган кредитлар ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг ўз маблағлари ҳисобидан йилига умумий узунлиги 7,1 минг километр бўлган янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, 2 500 та трансформатор пунктини ўрнатиш ва модернизация қилиш, шунингдек, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига 7 млн истеъмолчиларни улаш, 2021 йил якунига қадар ЭЭҲО ва НҚАТ қамровини абонентлар умумий сонининг 100 фоизигача етказиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда бошқа халқаро молия институтлари билан келишилган, умумий қиймати $1,8 млрд миқдоридаги узоқ муддатли кредитларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: