2021 йилга бориб Ўзбекистонда 9 янги гидроэлектростанция қурилади ва 15таси модернизация қилинади

Дата: 20:15, 23-11-2015.

Тошкент. 23 ноябр. ЎзТАГ – 2021 йилга бориб Ўзбекистонда 9 янги гидроэлектростанция қурилади ва 15таси модернизация қилинади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу режалар Ўзбекистон ҳукуматининг 16 ноябрдаги қарори билан маъқулланган 2016-2020 йилларда мамлакат гидроэнергетикасини ривожлантириш дастурида эълон қилинди. Дастурнинг умумий қиймати $889,41 млн.

Ҳужжат мамлакатдаги табиий сув оқимлари ва сув хўжалиги объектларида янги гидроэлектр станцияларини қуриш ва амалдаги гидроэлектр станцияларини модернизация қилишни кўзда тутади.

Қарорга мувофиқ, “Ўзбекэнерго” компанияси тизимида умумий лойиҳа қуввати 23,5 МВт, йилига ўртача 116,9 миллион кВт.с ҳажмдаги электр энергиясини ишлаб чиқарувчи тўртта янги ГЭС қурилади. Объектлар Чирчиқ-Бозсув тракти, Аксарсой, Оқдарё-Оқсув ва Танхиздарё дарёларида барпо этилади.

Шунингдек, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимида умумий лойиҳа қуввати 70,9 МВт, йилига ўртача 273,8 миллион кВт.с электр энергияси ишлаб чиқарувчи бешта кичик ГЭС барпо этиш режалаштирилмоқда. Ушбу қувватлар Туябўғиз сув омбори, Катта Фарғона каналидаги кичик ГЭСлар каскади, Оҳангарон дарёси, Дарғом канали, Тўпалангдарёда қурилади.

“Ўзбекэнерго” тизимида фаолият юритаётган 11та ГЭСларини, жумладан, Чорвоқ, Фарҳод ва бошқа станцияларни модернизация қилиш уларнинг қувватини 919,99 МВт гача ошириш ва йилига 3,456 миллиард кВт.с энергия ишлаб чиқаришга имкон беради.

Шунингдек, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг уч ГЭСи (Андижон ГЭС-1, Туямўйин ГЭСи ва Тўпаланг гидроузели) модернизация қилинади, Тўпаланг сув омбори ҳажми 380 млн кубометрга етказилади, бу эса уларинг қувватини 465 МВтга, энергия ишлаб чиқариш ҳажмини 1,406 млрд кВт соатга етказади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: