2021 йилгача Ўзбекистонда ОТМга қабул квотасини 18% кўпайтириш режалаштирилмоқда

Дата: 19:17, 26-01-2017.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – 2021 йилгача Ўзбекистонда ОТМга қабул квотасини 18% кўпайтириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради ЎзТАГ.

“Даракчи” нашри маълумотларига кўра, бу ҳақида Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси муҳокамаси бўйича медия-ҳафталик доирасида иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев айтиб ўтган.

Шунингдек, у амалдаги таълим тизими (9 йиллик мактаб ва 3 йиллик ўрта махсус таълим) бекор қилиниши ҳақидаги миш-мишларни рад қилди.

Д.Турдиев коллеж ва лицейларда таълим олиш тизими ўзини оқлашини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамизки, кейинги йилларда Ўзбекистонда бакалаврлар тайёрлаш квотаси ўзгаришсиз бўлиб, 57 907 жойни ташкил қилади. Олий маълумот олишни истаганлар сони эса тўхтовсиз ўсиб бормоқда.

Ўтган йилда Ўзбекистон ОТМга абитуриентлардан 663,2 минг ариза олинган (2015 йилда 605,8 мингта). Бир талабалик жойига 11 абитуриент даъвогарлик қилган. 2015 йилда конкурс бир жойга 10 кишини ташкил қилган.

Ҳозирда Ўзбекистонда 59 ОТМ фаолият юритмоқда. Мамлакатда хориж ОТМ 8 филиали ҳам бўлиб, уларга қабул квоталари алоҳида белгиланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: