2022 йилгача Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга деярли 1 трлн сўм сармоя киритилади
Тошкент. 1 ноябр. ЎзТАГ – 2017-2021 йилларда Ўзбекистонда спортни ривожлантиришга 995,2 млрд сўм сармоя киритилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Президенти раислигида 31 октябр куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасида бошқариш тизимини такомиллаштириш, оммавий спортни ривожлантириш, иқтидорли спортчиларни танлаш ва тарбиялаш, соҳани малакали кадрлар билан мустаҳкамлаш ҳамда замонавий спорт иншоотларини барпо этиш масалаларига бағишланган йиғилишда келтирилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 3 июндаги “Жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳадаги яна бир муҳим ҳужжат бўлди. Ушбу қарор билан Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш дастури қабул қилинди. Дастурда 2017-2021 йилларда жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш учун 995,2 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланиши, спорт мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 167 та спорт иншооти, жумладан, 90 та спорт мажмуаси ва 77 та сузиш ҳавзасини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш назарда тутилган”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг хабарида.
Шунингдек, дастур доирасида жорий йилда 153 та болалар майдончаси таъмирланган, 232 та замонавий майдонча, Нукус шаҳрида спортнинг олимпия ва миллий турларига ихтисослаштирилган спорт мажмуаси фойдаланишга топширилган.