2026 йилга қадар Марказий Осиёда кучли зилзилалар бўлиши мумкин – экспертлар

Дата: 17:38, 28-10-2014.

Тошкент. 28 октябр. ЎзТАГ – Ўта юқори сейсмофаоллик Марказий Осиё ҳудудида 2026 йилга қадар давом этади. Ушбу вақтга қадар ҳудудда бир неча кучли зилзилалар юз бериши мумкин, дейилади Тошкентда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилган доира суҳбати материалларида, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистонда сейсмик жараёнларни моделлаштириш, зилзилаларни олдиндан башорат қилиш, замонавий инженерлик иншоотлари ва тарихий обидаларни сейсмик муҳофаза қилиш соҳаларида кенг тадқиқотлар амалга оширилмоқда”, - деб хабар қилди Ўзбекистон Фанлар академияси Сейсмология институти директори Сабриддин Ҳусомиддинов.

Институт мутахассислари маълумотларига кўра, республикада замонавий ускуналар билан жиҳозланган сейсмик станциялар тармоғи ишлаб турибди. Кейинги йилларда уларнинг сони икки бараварга ошиб, 60тага етди. Йиғилган маълумотлар таҳлил қилинмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон CAREMON (Central Asian Real-Time Earthquake Monitoring Network) – Зилзилаларни мониторинг қилиш бўйича Маркази Осиё давлатлараро тизимига бевосита уланган.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда қурбонларга олиб келган энг сўнгги кучли зилзила 2011 йил 20 июлда Фарғона вилоятида содир бўлган эди (6,5-7 балл).

Янгилик билан ўртоқлашиш: