2029 йилга қадар ўзбек-сингапур минтақавий ўқув маркази ташкил этилади
Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – 2029 йилга қадар ўзбек-сингапур минтақавий ўқув маркази ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
24 октябр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг раиси А. Курманов ҳамда SixClouds Pte Ltd (Сингапур) компаниясининг бош ижро этувчи директори Вон Хве Киат бошчилигидаги компания вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
“2019–2029 йилларда SixClouds Pte Ltd компанияси ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш дастури доирасида Ўзбекистон-Сингапур минтақавий ўқув маркази ҳамда тадқиқотлар ва тараққиёт бўйича интеграциялашган марказ ташкил этиш назарда тутилаётгани қайд этилди. Бу марказлар Ўзбекистоннинг мактабгача, мактаб, ўрта махсус ва олий таълим тизимига янги дастурий маҳсулотлар ва интерактив рақамли ўқитиш платформаларини, шу жумладан инглиз ва хитой тилларини, математика ҳамда мактабгача ва мактаб дастурларининг бошқа асосий фанларини анимацион видео орқали ўқитиш дастурларини жорий этиш имконини беради”, - дейилади Ўзбекистон парламенти юқори палатаси хабарида.
Шунингдек, компания делегацияси манфаатдор вазирлик ва идораларда ушбу дастур тақдимотини ўтказади, InnoWeek-2018 Халқаро инновациялар ҳафталигида иштирок этади.
Қайд этилишича, учрашув якунлари бўйича томонлар икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш, шунингдек халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилиш орқали биргаликдаги ишларни давом эттириш ҳақида келишиб олдилар.
Сурат манбаи: https://regnum.ru