2030 йилга бориб дунёда қандли диабетга чалинган беморлар сони 550 млн дан ошиши мумкин

Дата: 15:36, 09-08-2019.

Тошкент. 9 август. ЎзТАГ – 2030 йилга бориб дунёда қандли диабетга чалинган беморлар сони 550 млн дан ошиши мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) маълумотларига кўра, бугунги кунда дунёда 400 млн.дан ортиқ одам қандли диабет касаллигига чалинади. Таҳлилларга кўра, бу кўрсаткич 2030 йилга келиб 550 млн дан ошиши мумкин, Ўзбекистонда бу касаллик 220 минг кишини ташкил этади", - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Ўзбекистон Республикасида эндокринология хизмати ҳолати" мавзусида матбуот анжумани ташкил этди.

"Эндокринологик касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис қўйиш ва даволаш соҳасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида миллий дастур, чора-тадбирлар мажмуаси, йўл харитаси билан биргаликда 2019-2023 йилларга мўлжалланган миллий дастурнинг асосий масалалари ҳам аниқланди", - дейилади хабарда.

Кейинги икки йилда эндокринология соҳасини комплекс ривожлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларда тиббий ёрдам сифатини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида вилоятлардан пойтахтга мурожаат қилаётган беморлар сони уч баробар камайгани қайд этилди. Айни пайтда бутун мамлакат бўйлаб 650 дан ортиқ эндокринолог самарали меҳнат қилмоқда.

"Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли қарорига кўра, 45 ёшдан катта аҳоли орасида пилот вилоятларда қандли диабет скринги ўтказилди. Бундан ташқари, қандли диабетнинг сурункали оқибатларини камайтириш, уларнинг пайдо бўлишини чеклаш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган онлайн-реестр ишлаб чиқилмоқда", – дейилади хабарда.

Сурат манбаи: minzdrav.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: