2030 йилга бориб Ўзбекистонда нефтекимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3,2 мартага кўпайтириш режалаштирилмоқда
Тошкент. 4 март. ЎзТАГ – 2030 йилга бориб Ўзбекистонда нефтекимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 3,2 мартага кўпайтириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар мамлакат раҳбари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг якуний йиғилишидаги маърузасида келтирилди.
Шунингдек, юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш натижасида 2030 йилда, янги турдаги товарлар тайёрлашни ўзлаштириш асосида нефть-газ-кимё соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 баробар, рангли металл маҳсулотлари 2,2 марта, қора металлдан тайёрланадиган буюмлар 2,3 карра, кимё саноати маҳсулотлари, жумладан, минерал ўғитлар 3,2 баробар кўпайиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.
Маърузада таъкидланишича, замонавий технологиялар асосида пахта толасини ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ташқи ва ички бозорда талаб юқори бўлган тайёр, экологик тоза тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилда 5,6 марта, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини эса 5,7 карра ошириш имкон беради.
Ҳар бир турдаги истиқболли хомашё ва ярим фабрикат бўйича чуқур қайта ишлашнинг 2020, 2025, 2030 йилларга мўлжалланган аниқ дастурига эга бўлиш учун мутлақо янги дастурий комплекс ёндашувни талаб этиши таъкидлаб ўтилган.


