21 бола Ўзбекистондан Германияга даволанишга жўнатилди

Дата: 16:11, 20-08-2015.

Тошкент. 20 август. ЎзТАГ – Куни-кеча “Тошкент” аэропортидан 21 бола Ўзбекистондан Германия клиникаларига даволанишга жўнатилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу тадбир “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди (Ўзбекистон) ва “Friedensdorf International” (Германия) халқаро ташкилоти билан келишув доирасида амалга оширилди.

Жамғармадан хабар қилишларича, даволанишга жўнатилган болалар орасида мамлакатнинг барча ҳудудларидан бўлган болалар бўлиб, уларнинг энг ёши 4 яшар.

Хусусан, Германия клиникаларида камтаъминланган оилалардан бўлган туғма юқори лаб ва танглай нуқсони бўлган, туғма оёқ нуқсони (маймоқлик) ва “Қийшиқ бўйин” ташхиси бўлган ногирон болаларни оператив жарроҳлик операциялари ўтказиш орқали даволанади. Немис шифокорлари куйиш жароҳати олган болаларни ҳам даволайдилар.

Бундан ташқари, “Friedensdorf International” ташкилоти грант маблағлари ҳисобига Ўзбекистон клиникаларида туғма юз нуқсонларига эга бўлган болалар ҳам операция қилинади. Хусусан, 2015 йил бошидан бери 150 бола муваффақиятли операция қилинди.

Шунингдек, 2015 йил шу даврига қадар “Чиройли оёқчалар” лойихаси доирасида туғма оёқ нуқсони (маймоқлик) ва“Қийшиқ бўйин” ташхиси билан 15 ёшгача бўлган 150 нафар бемор болаларда жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, соғломлаштирилди.

Эслатиб ўтамизки, 2002 йилда “Соғлом авлод учун” фондининг “Friedensdorf International” билан ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан уч томонлама ҳамкорлик битими имзолангандан кейин бошланган эди.

2002-2015 йиллар давомида 250 нафар бемор болалар Ўзбекистондан Германияга даволанишга жўнатилди.

“Соғлом авлод учун” халқаро нодавлат хайрия фондининг асосий вазифаларидан бири кўпболали ва камтаъминланган оилалардаги ногирон болаларни соғломлаштиришдан иборат.

Янгилик билан ўртоқлашиш: