21 февралда Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Бош штаб бошлиқлари учрашадилар

Дата: 14:37, 20-02-2019.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – 21 февралда Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Бош штаб бошлиқлари учрашадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“21 февраль куни пойтахтдаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Бош штаб бошлиқларининг навбатдаги анжумани бўлиб ўтади”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Қайд этилишича, конференция минтақада хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, шунингдек, терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалаларига бағишланади.

Шундан кейин қайд этилишича, тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон қуролли кучлари бош штаби бошлиқлари, Қирғизистон қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони иштирок этадилар.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ҳам қатнашиши кўзда тутилган.

Конференция доирасида делегация раҳбарлари алоҳида икки томонлама учрашувларни ўтказиши, шунингдек, делегация аъзоларининг Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясидаги ўқув жараёнини кузатишлари, Ҳасти Имом мажмуаси ва Темурийлар тарихи давлат музейи билан танишиши ҳам режалаштирилган.

 

Сурат манбаи: ca-news.org

Янгилик билан ўртоқлашиш: