21 февралда Ўзбекистонда зиёрат-туризми бўйича халқаро форум бошланади

Дата: 16:19, 11-01-2019.

Тошкент. 11 январ. ЎзТАГ – 21-23 феврал кунлари Ўзбекистонда зиёрат-туризми бўйича биринчи халқаро форум бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Форум Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси томонидан, Ўзбекистон Республикасининг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича давлат қўмитаси, Бухоро ва Самарқанд вилояти ҳокимияти ҳамкорлигида ташкил этилган.

“Тадбирдан кўзланган мақсад - зиёрат туризмини ривожлантиришда, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, бу соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, Ўзбекистонни дунёдаги энг катта зиёратчилик туризм марказларидан бири сифатида эътироф этиш ва ҳалол жаҳон стандартларини жорий қилишдир”, - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабарида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган ушбу форумда маҳаллий ва хорижий олимлар, диншунослар, туризм соҳаси мутахассислари иштирок этади.

Форум кунлари хорижий экспертлар иштирокида мамлакатда зиёрат туризми салоҳиятини ошириш бўйича учта йиғилиш ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, ислом маданияти ва цивилизациясини ривожлантиришда Ўзбекистоннинг маданий-тарихий марказлари роли тўғрисида декларацияни имзолаш ҳам кутилмоқда.

Шунингдек, йиғилишлар якунлари бўйича хорижий ҳамкорлар билан инвестиция шартномаларининг имзоланиши кутилмоқда.

 

Сурат манбаи: http://uza.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: