21 июлдан Тошкентда совуқ сув тарифлари оширилади

Дата: 13:41, 06-07-2017.

Тошкент. 6 июл. ЎзТАГ – 21 июлдан “Сувсоз” корхонаси Тошкентда совуқ сув тарифларини оширади, деб хабар қилади Газета.uz.

Янги нархлар пойтахт ҳокимияти томонидан 4 июлда тасдиқланган.

Аҳоли учун бир кубометр сувнинг қиймати 180 сўмдан 190 сўмгача кўтарилади (1,5 коэффициент билан – 270 сўмдан 285 сўмгача), канализация хизматларига нархлар 115 сўмдан 155 сўмгача ошади.

Марказлашган иссиқ сув таъминотига эга кўпқаватли уйлардаги хонадонларда ҳисоблагич бўйича тўланганда 1 кубометр сувнинг баҳоси 500 сўмни (ҳозир 410 сўм), марказлашган иссиқ сув таъминотига эга бўлмаган уйларда 345 сўмни ташкил қилади (ҳозирда 295 сўм).

Хусусий тармоқдаги уйларда 1 кубометр сувнинг тарифи канализация ўтказилган ҳовлиларда 295 сўмдан 385 сўмгача оширилади, канализация бўлмаган уйларда эса 180 сўмдан 190 сўмгача кўпайтирилади.

Бунга қадар совуқ сув тарифлари ўтган йилнинг 1 октябрида оширилган эди.

Эслатиб ўтамизки, 15 июлдан бошлаб Ўзбекистонда электроэнергия ва газ тарифлари оширилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: