22-24 март орасида “Тошкент” РФБда қиймати 112 млн сўмликдан зиёдлик битимлар тузилди

Дата: 22:39, 28-03-2017.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – 2017 йилнинг 22-24 март орасида “Тошкент” Республика фонд биржаси савдоларида 8 та акциядорлик жамиятининг қимматли қоғозлари билан 51 та битим қайд қилиниб, 25 минг дона акция 112,2 млн сўмга сотилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Тижорат банкларининг қимматли қоғозларига талаб энг кўп бўлди. Энг йирик битим 24 март куни “Marg'ilon Fayz savdo kompleksi” АЖнинг 700 минг дона акцияси билан 25,2 млн сўм миқдорида тузилди.

Ҳафта давомида савдо айланмаси ҳажми юқори бўлган эмитентларни “Hamkorbank” АТБ (ҳафталик савдо айланмасининг – 34,5%), “Marg'ilon Fayz savdo kompleksi” АЖ (30,4%), “SHIFOBAXSH BULOQ” АЖ (21%), “Olchazor aziya” АЖ (8,7%) ва “Yangi bozor dehqon bozori” АЖ (4,2%) ташкил этди. Бу ҳафталик савдо айланмасининг 98,7%ини ташкил этади.

Ўтган ҳафта фонд биржасида республикамизнинг 4 та ҳудудида жойлашган листинг компаниялари қимматли қоғозлари билан савдо битимлари имзоланди. Биржа битимларининг энг юқори ҳажми Андижон (39,6%) ва Фарғона вилоятидаги (30,4%) акциядорлик жамиятлари ҳисобига тўғри келди.

Фонд биржасида йил бошидан буён 19,7 млрд сўмлик 461 та савдо битими қайд қилинди. Ушбу даврда биржа савдоларида 48 та эмитентнинг 136,3 млн дона қимматли қоғозлари сотилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: