22 майда Тошкентда европа киносининг юбилей фестивали бошланади
Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – 22 майда Тошкентда европа киносининг V юбилей фестивали бошланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЕИ Делегациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига асосланган ҳолда.
“Бир ҳафтадан кейин Тошкентда европа киносининг юбилей фестивали бошланади. Бу йилги дастурга ЕИ 10 давлати ва Швейцариянинг 13 бадиий, хужжатли ва мультипликацион фильмлари кирган”, - дейилади Facebookда жойлаштирилган хабарда.
Намойишлар 22-28 май кунлари Алишер Навоий номидаги Кино саройида бўлиб ўтади.
Тадбир ЕИ Делегациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Ўзбеккино” МА томонидан ташкил этилган.
Фестиваль тадбирлари 22 май соат 19.00да “Қирол гапирмоқда” фильми (Буюк Британия, 2010 й.) билан бошланади. Тадбир доирасида “Кичкина одам” (Чехия, 2015 й.), “4 Қирол” (Германия, 2015 й.), “Боксчи ва ўлим” (Словакия, 1963 й.) “Кулга кўмилганлар” (Латвия, 2015 й.), “Отлиқ камончи” (Венгрия, 2015 й.), “Ника” (Словения, 2015 й.), “Кўл ҳақида эртак” (Финляндия, 2016 й.), “Прокурор Бауэрнинг асосий иши” (Германия, 2016 й.), “Хайди” (Швейцария, 2015 й.), “Сўнгги бриллиант” (Франция, 2014 й.), “Қанотингни силта” (Франция, 2014 й.), “Қўйлар поездга кеч қолмайди” (Испания, 2014 й.) фильмлари ҳам намойиш этилади.
Сеанслар 28 майгача ҳар куни соат 17.00 ва 19.00да бўлиб ўтади. Сеансларга кириш текин.