22 ноябрда Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бошланади

Дата: 14:27, 06-11-2018.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – 22-23 ноябрда Самарқандда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми бошланади, тадбир Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллигига бағишланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Халқаро Пресс-клубдан хабар беришларича, форумда халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЭХҲТ), Европа Иттифоқи (ЕИ), Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ), хорижий мамлакатлар парламентлари палаталари раислари, суд органлари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарлари, экспертлар жамоатчилик вакиллари, шунингдек, хорижий ахборот агентликлари ва ОАВларидан иборат меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ташаббус билан Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев 2017 йил 18-20 сентябр кунлари АҚШга ташрифи чоғида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Рааъд Ал Ҳусейн билан учрашувда чиққан эди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон 2021 йилга бориб БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига (ИҲК) аъзо бўлиш ниятида. Ушбу ташаббусни Женевадаги ИҲКнинг 37-сессиясининг мажлисида республика Адлия вазирлигининг раҳбари очиқлаган эди.

2017 йил май ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, сентябр ойининг бошида эса Бишкекдаги ИҲҚБнинг офиси раҳбари биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрди. 2017 йил 2-12 октябр кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг диний эркинликлар ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси А. Шахид бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Сурат манбаи: http://xs.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: